"Hunarmand" uyushmasi > Yangiliklar > Янгиликлар > Ғиждувон анъанавий каштачилиги

Ғиждувон анъанавий каштачилиги

Баракаева Мустабшира Баракотовна- каштадўз-уста. 1929 йил 1 сентябрда Бухоро вилояти Ғиждувон шаҳрида зиёлилар оиласида туғилган. Ёшлигидан каштадўзлик сир-асрорларини онаси  Воҳидова Муқаддам аядан ўрганган. 11 нафар фарзанднинг онаси- “Қаҳрамон она” медали, “Меҳнат фахрийси” унвони соҳиби. Фахрий ҳунарманд, каштадўз-уста Мустабшира ая Баракаева қизи Мавлюда Нарзуллаева ва келини Гулбаҳор Нарзуллаевалар билан биргаликда ҳозирги кунга қадар Ғиждувон шаҳридаги 100…

Баракаева Мустабшира Баракотовна- каштадўз-уста. 1929 йил 1 сентябрда Бухоро вилояти Ғиждувон шаҳрида зиёлилар оиласида туғилган. Ёшлигидан каштадўзлик сир-асрорларини онаси  Воҳидова Муқаддам аядан ўрганган. 11 нафар фарзанднинг онаси- “Қаҳрамон она” медали, “Меҳнат фахрийси” унвони соҳиби. Фахрий ҳунарманд, каштадўз-уста Мустабшира ая Баракаева қизи Мавлюда Нарзуллаева ва келини Гулбаҳор Нарзуллаевалар билан биргаликда ҳозирги кунга қадар Ғиждувон шаҳридаги 100 дан ортиқ аёл-қизларга анъанавий кашта тикиш сирларини ўргатишди.  Унинг қизлари ва келинлари ҳам ушбу ҳунарни пухта эгаллашган. Қизларидан Мавлюда Нарзуллаева ва келинларидан Гулбаҳор Нарзуллаева каштанинг ипак ипларини ўсимлик, илдиз, гул, мева ва сабзавотлардан тайёрланган табиий бўёқларга бўяш бўйича малакали мутахассислар.

Нарзуллаева Мавлюда Ибодуллаевна 1959 йил 25 сентябрда Бухоро вилояти Ғиждувон шаҳрида ҳунарманд оиласида туғилган. 1977-1981 йилларда  Тошкент Халқ хўжалиги институтини битирган. 1997 йилдан ҳозирги кунга қадар Ғиждувон анъанавий каштачилигини  давом эттириб келмоқда. 1999 йилда “Ҳунарманд” уюмасига аъзо бўлган.

Нарзуллаева Гулбаҳор Махмудовна 1964 йил 16 мартда Бухоро вилояти Ғиждувон шаҳрида ҳунарманд оиласида туғилган. 1984-1987 йилларда  33-сонли Бухоро шаҳар техникумини битирган. 1997 йилдан ҳозирги кунга қадар Ғиждувон анъанавий каштачилигини  давом эттириб келмоқда.

Ғиждувон анъанавий каштачилик мактабининг бошқа мактаблардан фарқли томони шундаки, бу ерда  2 хил тикиш услублари: йўрма ва босма қўлланилади. Ғиждувон кашталарида мамлакатимиз ва бутунжаҳон миқёсидаги музей тўпламларида сақланаётган сўзана нақшлари  нусхалари кўриш мумкин. Айнан қадимги, ХIX-XX асрларга тегишли каштачилик намуналарининг нусхаларини яратиш ва шу асосида анъаналарни давом эттириш-Ғиждувон уста-ҳунармандларининг асосий мақсадларидан биридир. Бизга маълумки, қадимдан қизлар ўз сеплари учун 10-15 дона кашта намуналарини тикишган. Шунинг учун улар 5-6 ёшидан бошлаб каштачилик ҳунарини пухта эгаллай бошлашган. Манбаларга кўра, баъзан сўзаналар турмушга чиққан қиз ва она ўртасидаги сирли мактуб бўлиб ҳам хизмат қилган. Ҳар бир сўзанага разм солиб қаралганда, нақш элементларининг ўз маъносига эга эканлигини англаш қийин эмас. Айнан “анор”, “бодом”, “тумор”, “қалампир”, “қуш”, “қўчқорак” каби рамзий нақшлар ўзининг чуқур фалсафий маъноларига эга. Масалан, “анор”- муҳаббат ва серфарзандлик рамзи бўлса, “тумор”- ёмон кўз ва назардан сақловчи унсур бўлиб хизмат қилган. “Қўчқорак” эса- куч-қудрат рамзи бўлган. Шу каби ҳар бир нақш бир-бирига боғланиб, бир бутун воқеа мазмун-моҳиятини келтириб чиқарган. Ғиждувон кашталарида “Рафидагул”, “Корди-ош”, “Гардиш”, “Ҳаёт дарахти”, “Гули анор”, “Бодоми”, “Чор чироқ” каби нақшларни тез-тез учратиш мумкин.

Нарзуллаевлар оиласи ҳозирги кунга қадар, анъанавий каштачилик бўйича  100 га яқин халқаро кўргазма ва танловларда мувафаққиятли иштирок этиб келмоқда. “Усто Ибодулло Нарзуллаев номидаги Миллий кулолчилик музейи” қошида каштачилик устохонаси ташкил этилган бўлиб, бу ерда ҳар бир меҳмон сўзананинг яратилиш жараёнини тўлиқ кўриш имкониятига эга бўлади. Музей мажмуаси халқаро сайёҳлик дастурига ҳам киритилган. Нарзуллаевлар сулоласининг асарларидан намуналар республика ва хорижий давлатлар музейлари ва шахсий тўпламларда сақланади.