Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ҳунармандлар маҳсулотларини чет элда намойиш этиш ва сотишда ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатади

       2019 йил 28 ноябрь куни “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори қабул қилинди.

 

      Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси, Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг республика ҳудудларини ҳунармандчилик фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича ихтисослаштириш ва уларга ҳунармандчилик маҳсулотларини чет эл бозорларида намойиш этиш ва сотиш учун кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналарини бириктириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

      Белгиланганидек, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари “Ҳунарманд” уюшмаси, Савдо-саноат палатаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари мурожаатига асосан ўзига бириктирилган ҳудудлардан бошқа ҳудудларда фаолият юритувчи ҳунармандлар маҳсулотларини чет элда намойиш этиш ва сотишда ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатади.

      Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги (Неъматов) Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Қудратов), Савдо-саноат палатаси (Икромов), “Ҳунарманд” уюшмаси (Абдуллаев) билан биргаликда республиканинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари орқали мазкур ваколатхоналар жойлашган ва бошқа йирик шаҳарларда ҳунармандларга ўз маҳсулотларини намойиш этиш ва сотиш учун миллий ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати маҳсулотларини кенг тарғиб қилиш, янги бозорларни ўзлаштиришга кўмаклашувчи “савдо уйлари” ва миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари дўконларини ташкил этиш чораларини кўради.

    Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Бадиий академияси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ва “Ҳунарманд” уюшмасининг:

    “Халқ амалий санъати усталарининг миллий каталоги”ни жорий этиш;

    “Туризм соҳасида фаолият юритаётган ҳунармандлар реестри”ни юритиш;

     Халқ амалий санъати усталарининг миллий каталогига киритиладиган номзодларни танлаш бўйича кенгашни тузиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.

а) Миллий каталогга қуйидаги ҳунармандлар Кенгаш қарори асосида киритилади:

нуфузли халқаро кўргазма, кўрик-танлов каби тадбирларда ғолиб ёки лауреат сифатида эътироф этилганлар;

тегишли соҳада санъат ва фан арбоби ҳамда академикларнинг тавсиясига эгалар;

“Ўзбекистон Республикаси халқ устаси” фахрий унвонига эгалар;

б) Реестрга Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан “Ҳунарманд” уюшмасининг қуйидаги аъзолари киритилади:

туристик маршрутдаги манзил бўйича ўз устахонасида ёки ижара асосида фаолият юритувчилар;

ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни галереялар, ҳунармандчилик маҳсулотлари дўконлари, маҳаллий ва хорижий савдо уйларига шартнома асосида намойиш ва сотиш учун қўяётганлар;

Миллий каталогга киритилганлар;

“Ҳунарманд” уюшмасининг Бадиий кенгаши томонидан тавсия этилганлар.

Белгиланганидек, икки ҳафта муддатда “Ҳунарманд” уюшмаси раиси раҳбарлигида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Бадиий академияси раҳбарлари ва масъул ходимларидан иборат бўлган Кенгаш таркибини тасдиқланади;

бир ой муддатда ҳунармандларни Халқ амалий санъати усталарининг миллий каталогига киритиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиб, тасдиқланади.

“Ҳунарманд” уюшмаси 2020 йил 1 январдан бошлаб Миллий каталогни очиқ ва умум фойдаланиладиган веб-сайт кўринишида ишга тушириш чораларини кўриб, доимий равишда янгилаб боради.

 

    Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда:

Белгиланганидек, бир ой муддатда туризм соҳасида фаолият юритаётган ҳунармандлар реестрини тузиш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиб, тасдиқланади;

2020 йил 1 январга қадар Реестрнинг шакллантирилиши таъминланади;

2020 йил 1 мартдан бошлаб Реестрни онлайн тарзда реал вақт режимида янгиланувчи очиқ ва умум фойдаланиладиган веб-сайт кўринишида ишга тушириш чораларини кўрсин ва доимий равишда янгилаб боради.

2020 йил 1 январдан бошлаб:

2023 йил 1 январга қадар Миллий каталог ва Реестрга киритилган ҳунармандлар учун календарь йили давомида ҳунармандчилик маҳсулотларини (ишлар, хизматлар) сотишдан тушган тушуми 100 млн сўмдан ошган, бироқ 1 млрд сўмдан кўп бўлмаган миқдори учун якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ягона солиқ тўлов ставкаси 2 фоиз миқдорида тўланади;

ҳунармандчилик фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича янгидан давлат рўйхатидан ўтишда тўланадиган давлат божи якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун амалда белгиланган давлат божи миқдорининг 50 фоизи миқдорида ўрнатилади;

Миллий каталогга киритилган ҳунармандларга шогирдлар сони бўйича чекловлар бекор қилинади;

кўргазма заллари, галереялар, павильонлар, бозор ва ярмарка расталарида намойиш қилиш ва сотиш учун жойлар, фаолиятини кенгайтириш учун ихтисослаштирилган ҳунармандчилик мажмуаларида ер участкалари ажратилишида Миллий каталогга киритилган ҳунармандлар учун устуворлик қўлланилади.

халқаро кўргазма ва тадбирларда қатнашиш, уларга бориш учун авиа ва темирйўл чипталаридан имтиёзли фойдаланиш бўйича жуда катта имкониятлар яратилади. Умуман, бошқа ҳунармандларга ҳам қатор имтиёзлар кўзда тутилган.

Шунингдек, республикамиздаги йирик савдо мажмуалари ва деҳқон бозорлари ҳудудларида алоҳида “ҳунармандлар расталари”, туман ва шаҳарларда миллий ҳунармандчиликнинг барча йўналишларини ўзида мужассам этадиган замонавий “ҳунармандлар бозори” ташкил этилади.