Риштонлик ҳунарманд музейининг сеҳри нимада?

     Халқ амалий санъати, миллий ҳунармандлик анъаналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, уста-ҳунармандларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

     Бундай рағбат ҳунармандларни руҳлантириб, ўз йўналиши бўйича янада кўпроқ меҳнат қилишга ҳамда янги ижодий муваффақиятлар сари ундамоқда. Маълумки, Марғилоннинг атласу адраслари, Риштоннинг кулолчилик маҳсулотлари дунёда довруғ қозонган. Бугунги кунда туризмни ривожлантириш орқали ана шу миллий ҳунармандлигимизни тарғиб этиш, хорижлик сайёҳларни улар билан яқиндан таништириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

     “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоси, таниқли ҳунарманд Тоҳиржон Ҳайдаров томонидан 2017 йил 27 августда Жалаер қишлоғида кулолчилик устахонаси ва уй-музейи ташкил этилгани ана шу саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди.

     Майдони бор-йўғи 12 сотих ерни ташкил этадиган музейда уста-шогирд мактаби, кутубхона, уй-меҳмонхонаси фаолияти йўлга қўйилган. Бу ерда қадимий китоблар, кўза, хум, мис лаган, қумғон каби экспонатлар жамланган. Уларнинг сони 1000 тадан ортиқ. Экспонантлар орасида ўзига хосларидан бири — хонликлар тарихига оид шажаралар акс эттирилган лагандир. Устанинг айтишича, 8 та буюк шажарани тўплаш учун 21 йил давомида изланишлар олиб борган. Бугунги кунда уста-ҳунарманд Хоразмшоҳ шажараси устида иш олиб бормоқда.

     Музейда яна бир ноёб экспонант бор. У 250 йиллик тарихга эга Қўқон арава бўлиб, реставрация қилинмаган, асл ҳолича сақланмоқда. Яна бир муҳим жиҳати, бу ерда қолишни истовчи сайёҳлар учун ҳам барча шарт-шароитлар яратилган. Уларга ўзбекона таомлар тайёрлаб берилади, маданий-маърифий суҳбатлар уюштирилади.

     Уста кулол Тоҳиржон Ҳайдаров миллий услубда тайёрлаётган маҳсулотлар дизайни, табиий ранги ва ўзига хослиги, нақшларга бойлиги билан ажралиб туради. Ҳунармандчилик буюмларига безак бериш, сопол буюмларга нақш солишда ноанъанавий, яъни игна, бигиз кабилар билан нақш солиш санъати кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда.

     Уста кулолчилик мактабини янада ривожлантириш мақсадида фарзандлари, набиралари, маҳаллий ёшларига ҳунармандлик сирларини ўргатмоқда. Бугун унинг шогирдлари орасида бу қадимий касбга қизиқадиган ва ўзининг кулолчилик мактабини яратишга бел боғлаган ёшлар кўп.

     Яқинда Фарғона давлат университетининг санъатшунослик кафедрасида кулолчилик бўлими очилди. Бу ҳунарга қизиққан ёшлар жуда кўпчиликни ташкил этади. Улар билан мунатазам машғулотлар ўтказилмоқда. Бу машғулотларда устанинг ўғли Темурбек ҳам фаол қатнашяпти. Демак, ҳунармандлар сулоласини давом эттириш ишончли қўллардадир.

     Уй-музейи қошида маҳалла кутубхонаси ҳам очилган бўлиб, унда 1500 тадан ортиқ китоблар ўрин олган. Бир-биридан қизиқ бадиий китобларни ёшу-қари бирдек қизиқиб ўқийди, эртаклар оламига тушиб қолиб кеч бўлганини сезмай қолсангиз китобни ўзингиз билан олиб кетсангиз ҳам бўлади. Бу ерда тез-тез китобхонлик бўйича бўлиб ўтаётган тадбирлар қишлоқ ёшларини китоб ўқишга қизиқтириш, уларда мутолаа маданиятини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

                                                                                                                                             Уюшма Ахборот хизмати