Уюшма ҳақида

Тарихга  назар ташлаб

            Ҳунармандчилик инсоннинг ишлаб чиқариш фаолияти билан вужудга келиб, жамият ривожланиши давомида аста-секин деҳқончилик ва чорвачиликдан ажралиб чиқди, турли ижтимоий-тарихий даврлар доирасида техника ривожи билан алоқадор ҳолда такомиллаша борди, турли ихтисосликлар (кулоллик, дурадгорлик, темирчилик, мискарлик, бинокорлик, тоштарошлик, ўймакорлик, каштадўзлик, кўнчилик, тикувчилик, тўқувчилик, заргарлик, дегрезлик, рихтагарлик, зардўзлик, бўёқчилик, кемасозлик, тунукасозлик ва бошқалар)га ажралди. Ҳунармандчилик қандай табиий ресурсларнинг мавжудлигига қараб, масалан, пахта ва пилла бор ерда тўқимачилик, сифатли хомашё бор ерда (масалан, Риштонда) кулолчилик, жун ва тери кўп ерда тўқимачилик ва кўнчилик, шунга қараб косибчилик, ўрмонлар кўп ерда ёғочсозлик, маъданларга бой ерларда металл ишлаб чиқариш ва темирчилик, денгиз ва дарё бўйларида кемасозлик ва бошқалар ривож топган. Жамият тараққиёти босқичлари, меҳнат тақсимоти билан алоқадор ҳолда ҳунармандчиликнинг 3 тури шаклланган: 1) уй ҳунармандчилиги; 2) буюртма билан маҳсулот тайёрлайдиган ҳунармандчилик; 3) бозор учун маҳсулот тайёрлайдиган ҳунармандчилик.

            Уй ҳунармандчилиги ўрта асрларда ҳунармандчиликнинг энг кўп тарқалган тури бўлди. Ҳунармандчиликнинг бу тури натурал хўжаликнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Шаҳарлар ривожи буюртма билан ҳунармандчилик маҳсулотлари тайёрлаш ва бозорга ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг жадал ўсиши билан узвий боғлиқ. Натижада ҳунармандчилик маҳсулотлари товарга айланди, товар айирбошлаш учун ишлаб чиқарилди. Давр тақозоси билан ҳунармандчиликнинг янги-янги турлари вужудга келди. Ҳунармандлар ҳам турли маҳсулотлар тайёрлаш бўйича ихтисослаша бордилар. Шаҳарлардаги маҳаллалар ҳунармандларнинг касб-корига қараб шаклланган (масалан, 20-асрнинг бошларида Тошкентда кўнчилар, кулоллар, эгарчилар, бешикчилар, ўқчилар, косиблар маҳаллалари бўлган). Айрим маҳалла, квартал, шаҳар, ўлкалар ҳунармандчиликнинг маълум маҳсулотлари билан шуҳрат қозона бошладилар.

            Ҳунармандчилик товар – пул муносабатларига кенгроқ ва чуқурроқ тортилганлиги сари табақалашди. Уддабурон ва серҳаракат ҳунармандлар бойиб дастлабки капитал жамғарилиши туфайли капитал соҳибига айланди ва уларнинг устахоналари негизида кичик завод ва фабрикалар вужудга келди. Ҳунармандчилик Европа шаҳарларида саноат ривожига ҳам ўз ҳиссасини қўшди (тўқиш дастгоҳлари такомиллашди, 14-аср ўрталарида Германияда домна печларининг пайдо бўлиши металлургияда жиддий ўзгаришларга олиб келди. Капиталистик ишлаб чиқариш муносабатлари ҳунармандчиликнинг кейинги тараққиётига зарба берди, ҳунармандчиликнинг кўпгина соҳалари тушкунликка учради. Саноат тўнтариши оқибатида тез ва арзон оммавий ишлаб чиқарила бошлаган фабрика, завод маҳсулотлари ҳунармандчилик маҳсулотларини бозордан сиқиб чиқарди.

            Ривожланган мамлакатларда якка буюртмалар ва қимматбаҳо бадиий буюмлар тайёрлайдиган ҳунармандчилик соҳаларигина (тикувчилик, этикдўзлик, гиламчилик, заргарлик, ўймакорлик ва бошқалар) сақланиб қолди.

            20-асрнинг бошларида эса машиналашган ишлаб чиқариш кенг йўлга қўйилиши билан ҳунармандчилик маҳсулотларининг тур таркиби ва ишлаб чиқариш ҳажми кескин камайди. 20-аср давомида ва 21-аср бошларига келиб йирик индустриал ишлаб чиқариш қарор топган бўлса-да, ҳунармандчиликнинг мавқеи сақланиб қолди. Ҳунармандчиликнинг бозорда сегменти кичик бўлганидан йирик ишлаб чиқариш эгаллай олмайдиган, талаб индивидуаллашган ўз ўрни бор. Мини технологиянинг пайдо бўлиши ҳунармандчиликда товарларни якка тартибда ва сифатли ишлаб чиқариш имконини беради. Бунга миллий уст-бошлар, миллий чолғу асбоблари, майда асбоб-ускуналар, турли ёдгорлик буюмлари ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни киритиш мумкин. Ҳозирги ҳунармандчилик кичик бизнес таркибидаги якка меҳнат фаолияти ва оилавий корхоналардан иборат.

            Ўзбекистон ҳудудида неолит давридаёқ ҳунармандчиликнинг дастлабки муҳим тармоғи ҳисобланган сопол буюмлар ишлаб чиқариш ва тўқимачилик вужудга келди (Хоразм воҳасидаги Калтаминор маданияти, Сурхондарёдаги Сополлитепа ва бошқалар). Мил. ав. 2-асрдан бошлаб ҳунармандчилик маҳсулотлари савдосида Буюк ипак йўли муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ўрта асрларда Шарқ мамлакатларида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар (Араб халифалигида пўлат, Ўрта Осиё ва Ҳиндистонда шойи, чинни, қоғоз) Европа бозорларида қадрланди. Ҳиндистонда пахтадан нафис мато, Хитойда ипак мато тўқийдиган дастгоҳлар вужудга келди, Хитой ва Ўрта Осиёда шиша тайёрлаш технологияси такомиллаша борди.

            9–10-асрларда Ўрта Осиёда йирик ҳунармандчилик марказлари пайдо бўлди. Ип мато, гилам (Урганч, Шош), шойи (Марв), мис ва темирдан яроғ-аслаҳа, пичоқ тайёрлаш (Фарғона), шойи матолар, шиша маҳсулотлари тайёрлаш (Бухоро) авж олди. 13-асрда мўғуллар босқини ҳунармандчилик ривожига зарба берди. Темурийлар давлатининг вужудга келиши ҳунармандчилик ривожига жуда катта ижобий таъсир кўрсатди.

            Ўрта Осиёда ҳунармандчиликнинг барча турлари 20-асрнинг 20-йилларигача сақланди. Бухоро, Самарқанд, Қўқон, Хива, Тошкент каби шаҳарларнинг ишлаб чиқариш муносабатларида ҳунармандчилик катта роль ўйнади (мас., 19-асрнинг 60-йилларида Хивада ҳунармандчиликнинг 27 тури ривож топган, шаҳардаги бозорларда ҳунармандларнинг 556 дўкони бўлган, 80-йилларда шаҳарда 2528 хўжалик ҳунармандчилик билан шуғулланган).

            Ўзбекистондаги ҳунармандчилик чуқур ихтисослашган бўлиб, ўзида хилма-хил касб-корларни бирлаштирган. Масалан, терини қайта ишлаш соҳасида кўнчилар, этикдўзлар, махсидўзлар, ковушчилар, эгар-жабдуқчилар, телпакчилар, пўстинчилар, камарчилар; тўқимачилик соҳасида бўзчилар, атласчилар, гиламчилар, шолча ва наматчилар; металлни ишлаш соҳасида темирчилар, тақачилар, мискарлар, чилангарлар, заргарлар каби касблар бўлган. Булар ҳунармандчиликнинг тармоқ структурасини белгиланган.

            Шарқдаги мусулмон устахоналарида бўлгани каби Ўзбекистонда чеварлик, каштачилик билан аёллар уйда ўтириб шуғулланишган. Ҳунармандчиликнинг ижтимоий структурасида уста, халфа ва шогирд каби ижтимоий тоифалар мавжуд бўлган. Ҳунармандчиликнинг ички тартиб ва қоидаларини унинг низоми сифатидаги «Рисолалар» белгилаб берган. Ҳар бир касбнинг ўз раҳнамоси, яъни пири ва «Рисоласи» бўлган, авлоддан-авлодга ўтувчи одатлари ва удумларига риоя этилган. Масалан, иш бошлашдан олдин уста ўз пирини ёдга олиб ундан мадад сўраш, шогирдига фотиҳа бериш каби одатларга амал қилинган.

            Ўзбекистон Россия мустамлакасига айлангач, ҳунармандчилик монополия саноатининг рақобатига дуч келиб, ўзининг илгариги мавқеини йўқотган бўлишига қарамай, унинг кўп тармоқлари сақланиб қолди, чунки у миллий эҳтиёжни қондирадиган товарларни, чунончи, кийим-кечак, идиш-товоқ, турли уй-рўзғор буюмлари, майда меҳнат қуролларини яратиб, уларни маҳаллий бозорга етказиб берди. Ҳунармандчиликнинг яшовчанлигини таъминлашда чет элдан келтирилган хомашё, материаллар, кичик ускуналар муҳим роль ўйнади. Мас., АҚШдан келтирилган тери бўёғидан фойдаланиб кўнчилар амиркон деб номланган юпқа чарм ишлаб чиқара бошлади. Шу муносабат билан амиркон этик, маҳси ва ковушлар пайдо бўлди. Германиядан «Зингер» фирмасининг тикув машиналари келтирилиши билан тикувчилик (чеварлик) кенг ёйилди.

             20-а.нинг 20-йилларида шўролар ҳокимияти қарор топиши билан ҳунармандларнинг асосий қисми дастлаб артелларга, кейинчалик, завод, фабрикаларга, бадиий буюмлар корхоналарига жалб қилинди. Уларга хомашё, материал, асбоб-ускуналар давлат томонидан етказиб бериладиган, яратилган маҳсулотлар дўконлар ва матлубот кооперацияси орқали сотиладиган бўлди.

            Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритгандан сўнг ҳунармандчилик ривожида янги давр бошланди, халқ ҳунармандчилиги бозор қоидалари замирида қайтадан тикланди. Ўзбекистонда маҳаллий саноат корхоналарининг биринчилар қатори хусусийлаштирилиши натижасида майда давлат корхоналари ҳунармандларнинг хусусий корхоналарига айлантирилди, янги ҳунармандчилик корхоналари очилди. Ҳунармандчилик фақат ички бозорга эмас, балки экспортга ҳам ишлай бошлади. Ҳунармандчиликнинг ташкилий шакли ҳам ўзгарди: кичик оилавий корхона, якка тартибдаги меҳнат фаолияти шаклида ривожлана борди. 1995 й. 24–25 окт.да Тошкентда БМТнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси билан амалий ҳамкорликда Ўзбекистон халқ усталари ва ҳунармандлари 1-Республика ярмаркаси ўтказилди.

1997 йилда республика халқ амалий санъати ва ҳунармандлари усталарининг «Усто» ижодий ишлаб чиқариш бирлашмаси ташкил топди.

Мустақиллик йилларида халқ амалий санъатига алоҳида эътибор берилди. Халқ усталарининг меҳнатлари қадр топди. Саноатлашув сабаб йўқолиб кетиш даражасига келган ҳунармандчилик турлари қайта тикланди, бир неча юз йиллик сулолалар давомчиларига алоҳида эътибор кўрсатилди, ҳунармандчилик марказлари бўлган шаҳарларимизда уста-шогирд мактаблари ташкил этилди.

Миллий ҳунармандчилик ва амалий санъатни янада ривожлантириш, халқ усталарини қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатларини муносиб рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси халқ усталари, ҳунармандлари ва мусаввирлари “Ҳунарманд” уюшмаси  ташкил қилинди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 1997 йил 31 мартдаги «Халқ бадиий  ҳунармандчиликлари ва амалий санъатини ривожлантиришни давлат йўли билан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 1741-сонли Фармони асосида ташкил этилган уюшма дастлаб «Мусаввир» илмий ишлаб чиқариш маркази таркибида бўлган (1997–2008). 2008 йил 5 майда уюшма Низоми Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида П–265-рақам билан нодавлат нотижорат республика ташкилоти сифатида қайта рўйхатдан ўтказилган.

Уюшманинг фаолиятига доир

 “Ҳунарманд” уюшмасининг ташкил этилиши мамалакатимизда ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, ноёб ва йўқолиб кетган ҳунарларни қайта тиклаш, мавжуд ресурслардан фойдаланган ҳолда қўл меҳнати ила санъат асари яратаётган ҳунармандларимиз ишларини муносиб баҳолаш, улар яратган бадиий ижод намуналарини нафақат юртимизда, балки хорижий давлатларда ҳам намойиш этиш, меҳнат ва ижод қилишлари учун шароит яратиш, меҳнатларини рағбатлантириш, қўллаб-қувватлаш борасида муҳим қадам бўлди. Ўтган йиллар давомида 22 мингга яқин ҳунармандлар уюшма аъзолари бўлдилар. Бу кўрсаткич йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Ҳунармандларимиз кошинкорлик, ганчкорлик, ёғоч ўймакорлиги, заргарлик, зардўзлик, каштадўзлик ва кандакорлик йўналишларида муваффақиятларга эришишди. Биргина зардўзлик йўналишида нақшларнинг 50 дан ортиқ турлари қайта тикланди. Ипак ва пахтадан тайёрланган газламалар, кашта ва гилам тўқиш учун мўлжалланган иплар, кулоллик буюмлари ва кошинкорлик маҳсулотларини ранглаш борасида олиб борилган изланишлар натижасида ўсимликлардан табиий ранг олиш технологиялари яратилди.

Бугунги кунда ҳар бир ҳудуд ўзига хос зардўзлик, заргарлик, мисгарлик, темирчилик, миниатюра, каштадўзлик, кулоллик каби турли ҳунармандчилик мактабларига мавжуд. Бу мактаблар мустақиллик йилларида янада ривожланди, уларни авлоддан-авлодга меърос қилиб олиб, давом эттириб келаётган уста-ҳунармандларимиз, буви-оналаримиз ҳунарлари сирларини ёшларга ўргатмоқда. Ушбу ҳунарлар сулолалар давомчилари томонидан давом эттирилмоқда.

Ҳунармандларимиз ўз устахоналарида “Уста-шогирд” мактаблари ташкил этиб,  кўплаб ёшларга ҳунар сирларини ўргатдмоқдалар.

Ўзбекистон «Ҳунарманд» уюшмасининг Андижон вилоят бошқармаси қошида миллий қўғирчоқлар ишлаб чиқариш корхонаси, Тошкент вилояти Паркент тумани «Ҳунарманд» бўлими қошида миллий гилам тўқиш, чокли буюмлар тикиш цехи, Сурхондарё вилояти Денов тумани «Ҳунарманд» бўлими қошида гилам ва эшик-ром ишлаб чиқариш цехлари ташкил этилган. Сирдарё вилоятининг Ховос туманида гул босилган газламалар ва чокли буюмлар тикувчи мини фабрика фаолияти йўлга қўйилган. Уюшманинг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан Самарқанд шаҳар ҳокимининг 214–К қарори билан «Самарқанд ҳунармандлари маркази» ташкил қилинди (2010). Бугунги кунда “Самарқанд ҳунармандлар маркази”да Ҳабиб Турдиалиев (наққош), Зариф Мухторов (Самарқанд қоғози), Бобомурод Ҳайдаров (чолғу асбоблари устаси), Нутфилло Саидов (кандокор), Мавлуда Ҳамдамова (каштадўз), Жамол Эсанов (ёғоч ўймакори), Баҳром Бердиев (кулол), Худойберди Ҳақбердиев (кулол), Ойбек Тиллаев (заргар)лар фаолият кўрсатмоқда. Мараказда ҳунармандчилик маҳсулотлари доимий кўргазмаси ташкил қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг 2016 йил 27 декабрдаги ПҚ–2699-сонли қарорига асосан Ҳунармандчилик фаолиятининг асосий ўйналишлари, ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқариладиган буюмлар ва товарлар (ишлар, хизматлар) турларининг 34 йўналишдаги рўйхати тасдиқланди. Ҳунармандчилик маҳсулотларини хорижий давлатларга олиб чиқиш борасида ҳам ҳунармандларимизга талай  имтиёзлар берилган, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 26 апрелдаги 245-сонли Қарорига асосан 24 йўналишдаги ҳунармандчилик маҳсулотлари экспертиза йиғимидан озод этилди. Ҳунармандларимиз ушбу имтиёзлардан муносиб равишда фойдаланиб, ишлаб чиқарган маҳсулотлари билан халқаро фестиваль, кўргазма-танловларда иштирок этмоқдалар. Миллий ҳунармандчилик маҳсулотларимизни хорижий давлатларда ҳам намойиш этиш ва ҳунармандларимиз томонидан яратилаётган маҳсулотларга чет элликларнинг қизиқишини инобатга олиб, дунёнинг 30 га яқин давлатларида 100 дан ортиқ ҳунармандларимизнинг ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиш этилган. Дунё миқёсида ўтказилаётган кўплаб нуфузли кўргазма ва фестивалларда ҳунармандларимиз иштироки таъминланмоқда. Бу тадбирларда уста-ҳунармандларимизнинг муносиб иштироки ташкилотчилар томонидан эътироф этилиб, улар дипломлар, сертификатлар ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган. Ўнга яқин ҳунармандларимизнинг шахсий кўргазмалари ташкил қилинган. Ҳар йили уюшма аъзоларидан 10 дан ортиғи Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Фондидан грант маблағлари олиб, ўз фаолиятларини ривожлантиришга сарфламоқдалар.

Бу каби имтиёзлардан муносиб фойдаланаётган ҳунармандлар Наврўз, Мустақиллик байрамлари муносабати билан ўтказиб келинаётган тадбирларда ва турли кўрик-танловларда фаол иштирок этишмоқда (Президент соврини учун ҳар йили ўтказиладиган «Ташаббус» кўрик-танлови; «Ёш ижодкорлар», «Уста-шогирд» кўргазмалари; «Ўзбекистон халқ амалий санъати – дунё нигоҳида», «Мустақиллик нафасида камол топган ҳунармандлар», «Халқ истеъмол товарлари кўргазма савдоси», «Ёш кулолларнинг республика кўргазмаси», «Мустақил юрт ҳунармандлари», «Ипак ва зираворлар», «Атлас байрами» фестиваллари; «Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам», «Юрт истиқболи», «Ёш тадбиркор – юртга мададкор», «Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси», «Менинг бизнес ғоям» каби танловлар).

Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 17 ноя­бр­даги "Ҳунармандчиликни янада ривожлан­ти­риш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қув­­ватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фар­мони оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик би­лан шуғулланаётган инсонларга шарт-ша­роит­лар яратишга янада кенг имкониятлар эшигини очди. Бу тарихий ҳужжат халқ амалий санъатини янги босқичга олиб чиқиш билан бирга аҳоли да­­­­­­ромадларининг ошишига туртки бўлди. Азалдан ҳунарманд ва яратувчан бўлган хал­қи­мизнинг меҳнати маҳсули бўлган каштачилик, заргарлик, ўймакорлик, зардўзлик, ҳайкал­та­рош­­лик нафақат шу юртда яшайдиган одам­лар­ни, балки бутун дунёни ўзига ром этиб келган. Мазкур фармонда "Ҳунарманд" уюшмаси аъзо­­­­­­­­ларига имтиёзли кредитлар бериш кўзда ту­­тил­ганлиги эса соҳа ривожига хизмат қилиш би­лан бир­га уюшманинг ўрни ва нуфузини ҳам оширди.

Дарҳақиқат, ҳунарманд киши ҳеч қа­чон кам бўлмайди. Улар фаолияти мустақиллик ярат­­­ган имкониятлар туфайли давлатимиз то­мо­ни­дан ҳар томонлама қўллаб-қувват­ла­на­ёт­ганлиги хал­қи­мизнинг бой маданий меро­сини сақлаш ва ри­вожлантиришга ҳисса қўш­моқда, янги тур­даги ҳунармандчилик маҳсулот­лари яратили­ши­га йўл очиб, "Устоз-шогирд" анъ­ана­ларининг узвий­ли­ги­ни таъминламоқда. Устози­дан бирор буюм ясашни ўрганган оддий коллеж бити­рув­чиси эр­тага ўзи мус­тақил иш бош­лайди, янги тад­бир­кор­лик субъ­екти ташкил этиб, даромад ола­ди. Соҳа сир­лари­ни у ҳам шо­гирд­ларига ўр­га­тади. Мана шунинг ўзиёқ фар­моннинг нақадар ҳаё­тий­лигини, одам­ларнинг фаровон ҳаёт кечи­ришини таъминлашга ҳисса қўшаётганининг исботидир. Бир сўз билан айтганда, фармон миллий ҳу­нар­­мандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни янада ривожлантиришга ҳисса қўшаётгани би­лан муҳим аҳамият касб этмоқда.

 Ушбу Фармон ва Қарор ўз навбатида, зиммасизга бир қатор муҳим вазифалар ва улкан масъулиятни юклайди.Унинг ижросини ўз вақтида таъминлаш, белгиланган топшириқларни амалга ошириш юзасидан Давлатимиз томонидан билдирилган ишончни оқлаш ва кўрсатилган юксак эътиборнинг қадрига етиш, халқимиз олдидаги бурчимизни астойдил адо этиш бизнинг бош мақсадимиздир.  Халқимизнинг асрлар бўйи қилган ижодий меҳнати натижасида яратилган ва яратилаётган ўзбек халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъатини кўз қорачиғидек асраш, уларни келгуси авлодларга етказиш, ёшларга ўргатиш орқали уларнинг эстетик дидини ўстириш ҳамда юксак маданиятли кишилар қилиб тарбиялаш хам асосий вазифаларимиздан хисобланади.

 Маълумки юртимизда  ҳунармандчилик қадимдан тараққий этган  аждодларимиз ушбу соҳанинг кўплаб турлари билан фаол шуғулланган халқимиз ҳунар ўрганиб, турли бежирим буюмлар яратиш, кудалик ҳаётда асқатадиган жиҳозлар тайёрлаш, шу орқали ўз меҳнати билан одамларга наф келтиришни қадрият даражасига кўтарган. Ҳунармандчиликнинг у ёки бу йўналиши бир оила вакилларининг асосий машғулотига айланиши натижасида моҳир ҳунармандлар сулоласи вужудга келган. Жойларда ўзига хос мактаблар шаклланган. Бугунги кунда мамлакатимизда ҳунармандчиликнинг  34 та йўналиши мавжуд.