CHINA INTERNATIONAL IMPORT EXPO 2019 – импорт қилинадиган товарлар ва хизматларнинг иккинчи халқаро Хитой кўргазмаси

     Бугун 5 ноябрь куни “China International Import Expo 2019” импорт товарлари ва хизматлари иккинчи Хитой халқаро кўргазмаси бошланди. Унда мамлакатимиз делегацияси ҳам иштирок этмоқда улар орасида "Ҳунарманд" уюшмаси раиси Улуғбек Абдуллаев ҳамда уюшма аъзолари ҳам бор.

     Ушбу халқаро кўргазма ташаббускори Хитой томони ҳисобланади. 2017 йилнинг май ойида Пекинда бўлиб ўтган “Бир макон, бир йўл” ҳамкорлик форуми доирасида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Шанхайда 2018 йилдан бошлаб мунтазам равишда импорт товарлари кўргазмасини ташкил қилиш таклифини айтиб ўтган эди.

     Кўргазмада Ўзбекистон миллий стенди остида мамлакатимизнинг текстиль, чарм-атторлик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари, қурилиш моллари, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги техникалари, ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиш этилмоқда.

     Кўргазма биринчи навбатда бутун дунё мамлакатлари ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, жаҳон иқтисодиёти ва савдо соҳасини такомиллаштириш, жаҳон иқтисодиёти ривожи шаффофлигини рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

     Халқаро форум юртимиз саноат корхоналари фаолиятини рағбатлантириш, инновацион ютуқларини намойиш этиш, дунё жамоатчилигини республикамизнинг илмий ва ишлаб чиқариш салоҳияти билан яқиндан таништириш имконини бериши билан муҳим аҳамиятга эга.

                                                                                                                                   Уюшма Ахборот хизмати