Мўғилистонлик ҳунарманд кигиз тўқиш сирларини ўргатади

     ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан Шуманай туманидаги ҳунармандчилик марказида Мўғилистон фан ва технология университети профессори, ҳунарманд Батсайхан Циен-Ойдов иштирокида семинар-тренинг ўтказилди.

     Меҳмон асосан кигиздан маҳсулотлар, хусусан, бўйинбоғ, қалпоқ ва устки кийимлар ишлаб чиқариш тажрибаси ҳақида маълумот берди.

     “Ҳунарманд” уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи Дилфуза Алламбергенованинг таъкидлашича, иккинчи бор Қорақалпоғистонга ташриф буюрган ҳунарманд ноябрь ойида бир неча кун Мўйноқ туманида, Нукус шаҳрида ҳунармандлар учун маҳорат дарсларини ўтказишни режалаштирган.

     Кигиздан гилам тўқиш санъати ўзига хос усуллардан бири саналади. Унинг асосий ажралиб турадиган хусусияти тўқилиш жараёнида туя юнги ипларининг параллел тушишидир.

     Гилам ишлаб чиқариш Мўғулистон замонавий енгил саноатининг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланади. Бу ўлкада гилам тўқишнинг ўзига хос тарихи бор.

     Мўғилистон чорвачилиги ривожланган ва экспортга юнг чиқарадиган кам сонли давлатлардан биридир. Маълумотларга кўра, Мўғилистонда 60 миллион бошдан ортиқ чорва моллари боқилади.

     Батсайхан Циен-Ойдов Қорақалпоғистон чорвачилик ривожланган ҳудуд бўлганлиги сабабли бу ерга келганини таъкидлади. У ўтган йили ҳам Қорақалпоғистонга ташриф буюриб, кигиздан ўтов учун анжомлар, гилам ва иссиқ кийимлар тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари ўтган эди.

                                                                                                                                                                        Манбаа: www.uza.uz