Медиа-тур доирасида журналистлар Қўқон шаҳридаги “Буюк алломалар” музейида бўлишди

Халқаро Ҳунармандчилик фестивали дастури доирасида Қўқон шаҳрига ташриф буюрувчи меҳмонларни Буюк алломалар музейида юртимиз маданияти ва тарихи, адабий муҳити билан яқиндан таништириш кўзда тутилган. Медиа-тур доирасида журналистлар ушбу музей фаолияти билан танишишди.

Музей экспозицияси 5 қисмдан иборат. Ўрта асрларда Марказий Осиёдан етишиб чиққан Мусо Хоразмий, Абу Носир Фаробий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Қошғарий, Аҳмад Яссавий, Маҳмуд Замахшарий, Бурҳониддин Марғиноний каби буюк алломалар ҳаёти, илмий-ижодий фаолиятига оид маълумотлар, улар яратган ноёб қўлёзмалар нусхалари музейнинг 1- қисмидан ўрин олган.

Иккинчи қисмида Темурийлар даврида яратилган илм-фан ва маданиятга доир осори-атиқалар, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Саъдиддин Тафтазоний, Ғиёсиддин Жамшид, Али Қушчи, Мирхондкаби алломаларга оид тарихий асарлар ҳақидаги маълумотларга эга бўласиз.

Туркистонда жадидчилик ҳаракати ва унинг машҳур намояндалари Беҳбудий, Фитрат, Абдулла Авлоний, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Ашурали Зоҳирий, Иброҳим Даврон, Ибрат ҳаёти ва фаолияти кенг ёритилганлигини ва Қўқон хаттотлик санъати, миллий ҳунармандчилик ҳамда зиёратгоҳларга доир маълумотлар ва экспонатларни кейинги бўлимларда танишиш имконига эга бўласиз.

Музейнинг бешинчи қисмида XX асрда Фарғона водийсидан етишиб чиққан улуғ олимлар, академиклар – Қори Ниёзий, Теша Зоҳидов, Ж.Саидов, А.Муҳаммадиев, Раҳима Аминова, Пўлат Қаюмов, Боқий, М.Раҳмонов, Азиз ва Лазиз Қаюмовлар, М.Хайруллаев, Ғ.Абдураҳмонов ва бошқаларнинг ҳаёти ва илмий ижодий фаолиятини акс эттирувчи материаллар ва экспонатлар ўрин олган.

Музей экспозициялари билан танишар экансиз Машраб, Ҳувайдо, Садойи, Низомий Хўқандий, Азимий, Увайсий, Амирий, Нодира, Ҳакимхон Тўра, Гулханий, Фазлий, Муҳйи, Муқимий, Фурқат, Завқий, Маҳмуд Ҳаким Яйфоний, Ҳазиний каби улуғ сиймолар ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумотлар билан ҳам танишасиз.

Бинонинг 3-қаватида Халқаро Ҳунармандчилик фестивалига қадар фотокўргазма ташкил этишга тайёргарлик кўриляпти. Галереядан Қўқон шаҳрининг 40 дан ортиқ тарихий обидалари суратлари ўрин олиши кўзда тутилган.

 

Уюшма Ахборот хизмати