Биринчи Халқаро ҳунармандчилик фестивалига тайёргарлик жараёнларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди

     2019 йилнинг 6 август куни Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида Биринчи Халқаро Ҳунармандчилик фестивали Матбуот Марказида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги ПҚ-3991-сон қарорига асосан ўтказиладиган Биринчи Халқаро ҳунармандчилик фестивалига тайёргарлик жараёнларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

    Матбуот анжуманида Фарғона вилояти, Қўқон шаҳар ҳокимлиги, "Хунарманд" уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Бадиий Академияси худудий бошқармаларива оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

        2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги ПҚ-3991-сон қарорларининг қабул қилиниши ҳунармандчиликни ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб қувватлашга қаратилган яна бир эътибор намунасидир. Фестиваль ўтказилишида ҳунармандчиликни кенг тарғиб қилиш, ҳунармандчилик анъаналари ва мактабларини сақлаш, қайта тиклаш, бу соҳадаги илмий ўрганиш ва изланишларни ҳамкорликда амалга ошириш, ўзаро тажриба алмашиш ва маҳорат дарслари ташкил этиш, ушбу соҳадаги иқтидорли ҳунармандларни рағбатлантириш каби муҳим масалаларда эътибор қаратилади.

       Фестиваль 2019 йилдан бошлаб, ҳар икки йилда бир маротаба Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси "Ҳунарманд" уюшмаси, Фарғона вилояти ҳокимлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2019 йилнинг 10-15 сентябрь кунлари Қўқон шаҳрида Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича масъул этиб белгиланган. Давлат тили, инглиз ва рус тиллари Фестивалнинг ишчи тиллари ҳисобланади.

       Фестиваль доирасида "Ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатини ривожлантириш истиқболлари" мавзусида илмий-амалий конференцияси, Ҳунармандларнинг кўрик-танлови бўлиб ўтади. Кўрик-танлов иштирокчиларининг маҳоратларини баҳолаш учун Ташкилий қўмита томонидан етти кишидан иборат таркибда халқаро ҳайъат тузилади. Халқаро ҳайъат таркибига юқори малакали мутахассислар, таниқли санъат ва маданият арбоблари, олимлар, тадқиқотчилар, амалиётчилар, шунингдек, иштирокчи давлатлардан тегишли соҳалар намояндалари таклиф этилади.

     Халқаро ҳайъат томонидан кўрик-танлов иштирокчиларининг маҳсулотлари кўргазмаси ва маҳорат дарслари 5 та номинация («Энг яхши ҳунарманд», «Энг ёш ҳунарманд», «Энг яхши ҳунармандчилик мактаби устаси», «Қадимий сулола давомчиси» ва «Қадимий ҳунармандчилик турини тиклаган ҳунарманд») бўйича баҳоланади. Авлоддан-авлодга ўтиб келаётган касбий анъаналар ва ҳунармандчилик мактабларини сақлаш ва қайта тиклаш мақсадида Халқаро ҳунармандчилик фестивали ЮНЕСКО шафелигида ўтказилади.

       Фестиваль дастури 6 кунга мўлжалланган бўлиб, унда хорижий ва маҳаллий ҳунармандларнинг кўргазма-савдоси, кўрик-танлови, маҳорат дарслари, илмий-амалий конференция ҳамда фольклор-этнографик гуруҳларининг чиқишлари, турли халқ ўйинлари, театр томошалари, анъанавий кураш, чавандозлик, қўғирчоқбозлар ҳамда маҳаллий дизайнерларнинг мода намойишлари, палов тайёрлаш, ўзбек анъанавий мусиқа ва рақс концерт дастурлари ўтказилиши кўзда тутилган. Асосий тадбирлар Худоёрхон ўрдаси ва унга туташган Қўқон шаҳридаги марказий  истироҳат боғи ҳудудида бўлиб ўтади, унда ҳунармандлар шаҳарчалари, тарихий ўтмишни ифодалаган зарур безаклар билан тайёрланмоқда.

        Ўрда майдонида, шунингдек Риштон, Ғиждувон, Ургут, Тошкент, Каттабоғ, Мадир, Самарқанд, Ғурумсарой, Олтинкўл, Шаҳрисабз кулолчилик мактаблари намояндалари томонидан маҳорат дарслари намойиши ва тренинглар ташкил этилиши режалаштирилган.

     Фестиваль дастурида, шунингдек Жомъе мажмуасида Ўзбекистон халқ устаси, ёғоч ўймакори Муҳамадали Юнусовнинг ижодига бағишланган кўргазма, Дастурхончи мадрасасида “Риштон мовий кўзгуси” номли Риштон кулолчилик санъатига бағишланган  кўргазма хамда Ўзбек кулолчилик мактаблари мавзусидаги китоб тақдимоти, Қўқон мусиқали драма театрида спектакллар намойиши каби 50 дан ортиқ қизиқарли маданий тадбирлар назарда тутилган.

     Фестивалга дунёнинг бешта қитъасидан, жами 72 та давлатдан келган 205 нафар хорижий ҳунармандлар ва мамлакатимизнинг барча вилоятларидан 1100 дан ортиқ усталар иштирок этадилар. Фестивалда Жаҳон Ҳунармандлари Конгрессининг (World Craft Council) - Осиё Тинч океани минтақаси бўйича президенти Др. Гада Ҳижжави- Қаддуми, “International falk-art market (IFAM)” ташкилоти раҳбари Джейн Рейд, Юнесконинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси рахбари Фуад Пашаев каби юқори мартабали меҳмонлар иштирок этадилар.

        Фестиваль тадбирлари доирасида Қўқон мусиқали драма театри биносида "Ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатини ривожлантириш истиқболлари" мавзусидги илмий-амалий конференция ҳам ўтказилиши режалаштирилган. Конференцияда 23 давлатдан 32 нафар хорижий олимлар ва 6 та ўзбек олимлари иштирок этиши кутимоқда.Фестиваль иштирокчиларини рўйхатга олиш ва тадбирга доир барча маълумотларни тақдим этиш мақсадида www.handicrafters.uz веб сайти ишга туширилган бўлиб, ўзбек, рус ва инглиз тилида фаолият кўрсатмоқда. Шу билан бирга уч тилда "Ўзбекистон ҳунармандчилиги дурдоналари" номли альбом каталог тайёрланмоқда. Ушбу альбом каталогни тайёрлашда соҳага оид академик ва профессор олимлар жалб этилган. Альбом каталогни "Ўзбекистон" нашрётида чоп этилиши борасида   иш олиб борилмоқда.

 

Уюшма Ахборот хизмати