Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида "Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги" Фармонига бағишланган брифинг ўтказилди

Бугун 7 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мажлислар залида Муҳтарам Президентимизнинг 2019 йил 18 май­даги "Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги" Фар­мони қабул қилинганлиги муносабати билан “Ўзбекзаргарсаноати”, "Ҳунарманд" уюшмалари мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида брифинг ўтказилди.

            Брифингда қайд этилганидек, Фармонда 2019 йил 1 июлдан:заргарлик бўйича лицензияси бўлган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ўзи ишлаб чиқарган заргарлик буюмларининг асиллик даражасини мустақил белгилаш ва уларга асиллик даражаси изларини қўйиш ҳуқуқи берилди; заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи лицензияга эга якка тартибдаги тадбиркорлар ўз маҳсулотларини мустақил сотиши, аҳолидан қимматбаҳо металлар парчалари, қимматбаҳо тошлар ва буюмларни сотиб олиш ҳуқуқига эга; давлат улуши бўлмаган ёки давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган тадбиркорлар ишлаб чиқаришда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларни сарфлаш, ҳисобини юритиш ва сақлаш тартибини мустақил белгилайди; жисмоний шахслар қиймати 5 минг доллардан кўп бўлган заргарлик буюмларини декларация тўлдирган ҳолда Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқиши мумкин; заргарлик соҳасидаги тадбиркорлар «Ўзбекзаргарсаноати» уюшмасига ихтиёрий аъзо бўлса, уюшма аъзоларининг имтиёз ва преференциялари уларга ҳам татбиқ этилади. 2019 йил 1 июндан қимматбаҳо металларни сотиб олиш учун берилган банк кредитлари бўйича фоиз харажатлари Тадбиркорлик фаолиятни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан компенсация қилиш орқали заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар қўллаб-қувватланади.

Фармон билан, тижорат банклари ва заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларига қуйидаги ҳуқуқлар берилди: «Навоий КМК» ДК ва «Олмалиқ КМК» АЖдан қимматбаҳо металларни ўлчов пластиналари кўринишида, 5 грамм ва ундан ортиқ бўлган гранулаларни Лондон қимматбаҳо металлар биржасининг тонги фиксинги асосида сотиб олиш; сотиб олинган металларни бошқа заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларига сотиш белгиланган. Брифингда "Ҳунарманд" уюшмаси раисининг ўринбосари Акобир Ҳакимов  ҳамда “Ўзбекзаргарсаноати " уюшмаси раиси ўринбосари Нодир Мираҳмедов журналистларга фармонда берилган имтиёзлар ҳақида батафсил гапириб берди.

Брифинг савол жавобларга бой бўлди.

 

 

Уюшма Ахборот хизмати