Ўзбекистон Республикаси Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлган ҳунармандлар қандай имтиёзларга эга бўлади?

Ҳунармандлар Қатъий белгиланган солиқ ва суғурта
бадаллари бўйича имтиёзларга эга бўлади.

 - ҳунармандчилик фаолияти маҳсулотлари (товар, иш, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотишда қатъий белгиланган солиқдан озод этилди;
 - ёшга доир пенсия ва нафақа олувчилар Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадали тўловидан озод этилди;
 - қишлоқ жойларда рўйхатдан ўтган ва фаолиятини амалга ошираётган ҳунармандлар ўз фаолиятининг дастлабки 2 йили мобайнида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадалининг 50%ини тўлашади (ставка – ЭКИҲ(энг кам иш ҳаққи)нинг  камида 1 баравари миқдорида).
Бундан ташқари, ҳунармандлар касб-ҳунар коллежларининг махсус  устахоналарида ҳунармандчилик бўйича таълим бериш ҳуқуқига эга бўлишди. Улар билан якка тартибдаги тадбиркорлар каби шартнома тузилади ва кўрсатилган хизмат учун солиқ ундирилмайди.

 - “Уста-шогирд” мактаби ўқувчиси сифатидаги иш даври 25 ёшга етгунга қадар ЭКИҲнинг камида 2,5 баравари миқдорида суғурта бадали тўланган тақдирда меҳнат стажига қўшилади.
 - Бу - муҳим! Доимий савдо жойларига эга бўлмаган ва вақтинчалик жойларда савдо қилувчи ҳунармандлар касса аппаратлари ва савдо терминалларидан фойдаланади, шунингдек, нақд пул тушумини ихтиёрий тартибда инкассация  қилади.
           

Имтиёзли валюта режими

 - Ҳунармандларга ўз маҳсулотларини экспорт қилишдан тушган хорижий валютани эркин тасарруф этиш, шу жумладан, банк ҳисоб рақамларидан чет эл валютасини нақд шаклда ечиб олиш ҳуқуқи берилди.

 - Хорижий мамлакатларда ўтказилган кўргазма, танлов, ярмарка давомида сотилган ҳунармандчилик маҳсулотлари экспорт шартномалари тузилмасдан амалга оширилиши мумкин, бунинг натижасида олинган даромад эса экспорт тушуми ҳисобланмайди.

Имтиёзли кредитлар

 - “Микрокредитбанк” АТБ, “Халқ банки” АТБ ва “Агробанк” АТБ ҳунармандларга 6 ой имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда 2 йил муддатга, ЭКИҲ(энг кам иш ҳаққи)нинг 300 бараваригача миқдорда миллий валютада имтиёзли микрокредитлар берилади. Ўзларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна ва эҳтиёт қисмлар харид қилишда имтиёзли микрокредитлар бўйича ставка Марказий банк қайта молиялаштириш ставкасининг 50%ини, айланма маблағларни тўлдириш учун эса ушбу ставканинг 100%ини ташкил этади.

 - Эътиборли жиҳати шундаки, имтиёзли микрокредитлар пул маблағларини  ҳунарманднинг ссуда ҳисоб рақамидан  унинг тўлов топшириқномасига мувофиқ, ушбу Фармонда назарда тутилган мақсадлар учун тегишли ташкилот ёки жисмоний шахснинг талаби бўйича депозит ҳисоб рақамига ўтказиш йўли билан кейинчалик ушбу ташкилот ёки жисмоний шахсга хизмат кўрсатувчи банк тоариф сиёсатига мувофиқ, нақд пул олиш имконияти билан тақдим этилади.

Соддалаштирилган тартибда хусусийлаштириш ва давлат мулкини ижарага олиш

 - Ҳунарманд хусусийлаштириш дастури доирасида (“ноль” харид қийматида) сотиладиган давлат мулки объектини олиш хоҳишини билдирган тақдирда, ушбу объект ҳунармандга баҳоланган қийматида (бошланғич инвестиция мажбуриятлари билан) очиқ савдоларга (танловга) қўйилмасдан тўғридан-тўғри шартнома асосида сотилади (берилади). Бир неча ҳунарманд бир объектни (“ноль” харид қийматида) олиш истагини билдирган тақдирда, ушбу объект белгиланган тартибда очиқ савдога (танловга) қўйилади ва унда фақат ушбу ҳунармандлар иштирок этади. Бунда ушбу объектлардан камида 5 йил мобайнида ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида фойдаланилиши лозим.

 - Ҳунармандларга давлат мулки объектлари учун ижара тўлови белгиланган энг кам тўловнинг 50%и миқдорида белгиланади.