Халқаро ҳунармандчилик фестивалининг рамзи (логотипи)ни тайёрлаш бўйича ўтказилган ижодий танлов ғолибларининг тақдирлаш маросими

2019 йилнинг 2 апрель куни соат 11.00 да Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги ПҚ-3991-сон қарорига асосан Халқаро ҳунармандчилик фестивалнинг рамзи (логотипи)ни тайёрлаш бўйича ўтказилган ижодий  танлов ғолибларининг тақдирлаш маросими ўтказилди.

Тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси, Бадиий академия, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Миллий телерадиокомпания, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ходимлари, ижодий танловга иштирок этган ижодкорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этадилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги ПҚ-3991-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 ноябрдаги “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги 960-сон қарорининг 2-иловаси билан тасдиқланган “2019 йилда Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш бўйича йўл харитаси”нинг 4-бандида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси, Бадиий академия,Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Миллий телерадиокомпания, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги билан ҳамкорликда 2018 йил декабрь ойида фестивалнинг рамзи (логотипи)ни тайёрлаш бўйича танлов эълон қилиш белгиланган.

Мазкур топшириққа асосан ижолий танлов низоми ишлаб чиқилиб, танлов эълон қилинди.

Ижодий танловда профессионал реклама компаниялари, агентликлар билан бир қаторда жисмоний шахслар (фрилансерлар, ҳунармандлар, рассомлар,талабалар) иштирок этдилар. Натижада 145 нафар муаллифдан 202 та логотип лойиҳалари келиб тушди. Шу ўринда айтиш керакки, танловда профессионал ижодкорлар билан биргаликда ёшлар айниқса, коллеж ҳамда мактаб ўқувчилари ҳам иштирок этди. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан таклиф қилинган 202 та логотип лойиҳалари кўриб чиқилди. Ҳайъат аъзолари логотип лойиҳаларини танлашда фестиваль моҳиятини ёритиб берувчи рамзий хусусиятларга, бетакрор бадиий ечимга, бадиий ғоянинг изчиллигига эга бўлиши, фестиваль мавзусига мослиги, логотип халқ амалий санъати ҳунармандчиликни ифодалашига эътибор қаратишди. Шунингдек, логотипнинг қисмлари ёки бошқа фестивалларга тегишли логотиплар ёки дизайннинг элементлари ёки қисмлари бўлмаслиги зарур ва танлов ўтказилгунига қадар бирор жойда намойиш этилмаган бўлиши шартлиги ижодий танлов шартларидан бири эди.

Танлов якунлари бўйича ижодий гуруҳ ва ҳакамлар ҳайъати томонидан танловда танлаб олинган 5 (беш) дона лойиҳа устида муаллифлар билан ҳамкорликда иш олиб борилди ва якуний логотип тайёрланиб фестивалнинг Ташкилий қўмитасига тақдим этилди.

 Натижада 1-ўрин: 20-рақам остидаги иштирокчи Ишматов Баҳтиёр , 2- ўрин: 13-рақам остидаги иштирокчи Ғайратов Жасур, 3-ўрин: 8-рақам остидаги иштирокчи  Рашидов Камолхон ишлари ғолиб деб топилди.

Ижодий танлов ғолиблари танлов низомига мувофиқ ижодий танлов натижаларига биринчи ўрин учун 7 000 000 (етти миллион)  сўм,  иккинчи ўрин учун 2 000 000 (икки миллион) сўм, учинчи ўрин учун 1000 000 (бир миллион) сўмни ташкил этади .

Тантанали маросим якунида танлов ғолибларига ютуқлар топширилди.

Фото галерея: http://handicraftman.uz/uz/node/294

Уюшма Ахборот хизмати