Ўзбекистон Республикаси Президентининг 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисидаги фармоннига биноан икки нафар ҳунарманд аёллар орден ва медаллар билан мукофотланди.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Фармонга кўра мамлакатда азиз ва мўътабар аёл зотини улуғлаш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрни ва нуфузини ошириш, хотин-қизларнинг оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш, фарзандларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, соғлом ва маънан баркамол этиб тарбиялаш, юртимизда олиб борилаётган туб ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш ҳамда аҳоли фаровонлигини юксалтириш борасидаги улкан хизматларини муносиб қадрлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги, саноат, тадбиркорлик, фан-техника, инновация, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият, санъат ва бошқа соҳаларда алоҳида ташаббус кўрсатиб, самарали меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ аёллар фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан мукофотланди. Улар орасида "Ҳунарманд" уюшмаси аъзолари бўлган икки нафар ҳунарманд аёллар бор. Улардан бири Бухоро вилояти ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази раҳбари Базарова Матлуба опа "Меҳнат шуҳрати" ордени билан тақдирланди.

"Ҳунарманд" уюшмасининг Самарқанд вилояти бошқармаси "Устоз-шогирд" мактаби раҳбари  Ҳамдамова Мавлуда Норимовна эса  "Шуҳрат" медали билан мукофотланди.  Матлуба Базарова 1956 йилда Бухорода туғилган.Миллий мато тўқувчи ҳунарманд. 1998–2011йилларда Бухоро "Ҳунармандлар маркази" директори, 2012-2018 йилларда  Ўзбекистон "Ҳунарманд" уюшмасининг Бухоро шаҳар бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган. 1998–2012 й.ларда АҚШнинг Нью-Йорк, Вашингтон, Санта-Фе шаҳарларида, 2007 йилда Туркиянинг Анқара ва 2013 йилда Гочук шаҳарларида бўлиб ўтган савдо ярмаркаларида, Исроил ва бошқа мамлакатлардаги илмий конференция ва симпозиумларда маърузалари билан иштирок этиб, диплом ва сертификатлар билан тақдирланган.            Вилоят "Йил аёли" кўрик-танловида биринчи ўринни эгаллаб, 1-даражали диплом билан тақдирланган. Кўплаб шогирдлари бор.  Опани мукофот билан табриклаганимизда фахр билан шундай деди - Камтарона меҳнатимга Давлатимиз раҳбари катта эътибор қаратиб мукофотладилар. Мукофотни ҳам уларни қўлларидан олганим менга фахр, туйғу, масъулият ҳамда янада кўпроқ меҳнатга ундади -дейди биз билан суҳбада М.Базарова. Тантанали маросимдаги Президентимизнинг маърузаларини тингладим. Унда "Бугунги кунда давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1 минг 400 га яқин опа-сингилларимиз раҳбарлик лавозимларида ишламоқда. Хотин-қизларнинг улуши соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасида 82 фоиздан зиёдни, илм-фан, таълим-тарбия, маданият ва санъат соҳаларида 72 фоизни, қишлоқ хўжалигида 45 фоиздан ортиқни, саноатда 38 фоизни ташкил этмоқда. Ва сизларнинг сидқидилдан қилаётган меҳнатларингиз давлатимиз, халқимиз томонидан муносиб тақдирланмоқда. Мустақиллик йилларида 2 минг 180 нафардан ортиқ хотин-қизларимиз юксак давлат мукофотларига сазовор бўлгани ҳам шундан далолат беради. Уларнинг орасида ўнлаб Ўзбекистон Қаҳрамонлари, фан арбоблари, халқ ўқитувчилари, халқ шоирлари, халқ артистлари борлигини алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман. Бугунги даврамизда турли жабҳаларда астойдил меҳнат қилаётган ана шундай жонкуяр, оқила, меҳр-оқибатли аёлларимизни, уларнинг давомчилари бўлган истеъдодли қизларимизни кўриб турганимдан хурсандман. Уларнинг барчаси Ўзбекистон инсоний салоҳиятининг олтин фондини ташкил этади, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди",-деган сўзлари манга катта таассурот қолдирди.Ҳунармандчиликни тарғиб этишга, ривожлантиришга ҳамда шогирдлар соннини ортиришга ундади.

            Ҳамдамова Мавлуда Норимовна 1959 йилда Самарқанд вилояти  Ургут туманида туғилган. Каштадўз. 2010 йилдан Ўзбекистон Республикаси "Ҳунарманд" уюшмаси аъзоси.

 Устози – онаси Нарзи Низомова. 1978 йилдан мустақил уста. Фаолиятини Ургут туманининг Ғўс қишлоғида бошлаган, Самарқанддаги "Самарқанд ҳунармандлар маркази"да устахона ташкил этган. Самарқанд вилоятида 19-асрда тикилган, ҳозирда турли музейларда сақланаётган намуналарга мувофиқ каштачилик маҳсулотлари – сўзана, нимсўзана, жойнамоз, чойшаб, белбоғ кабиларни тикиш билан шуғулланади. Ургут туманида биринчи бўлиб каштачилик соҳасини уй юмушидан амалий санъат ва касб даражасига олиб чиқди. 2010–12 йилларда ўтказилган "Базар-Арт" кўргазма-ярмаркаси қатнашчиси. 2010 йилда Самарқандда миллий буюмлар дўкони очган. Мавлуда Ҳамдамованинг ташаббуси билан Ғўс қишлоғи сайёҳлик маршрутига киритилган. Бу ерга  Бельгия, Франция, Япония, Германия, Италия ва бошқа давлатлардан сайёҳлар ташриф буюрадилар. М. Ҳамдамованинг анъанавий услубда тиккан сўзана, палак, гулкўрпа, тахмон парда, жойпўш, зардевор, бўғжама, рўйжолари, шунингдек, ойнахалта, чойхалта, белбоғ, ёстиқчалари сайёҳлар эътиборга тушган. Каштадўз, шунингдек, анъанавий либослар тикиш билан ҳам шуғулланади. «Ташаббус–2013» кўрик-танлови вилоят босқичи "Энг яхши ҳунарманд" номинацияси ғолиби. 20 дан ортиқ шогирд тайёрлаган.  Мавлуда опани ҳам табриклаганимизда қуйидагиларни гапирди.- Жудаям, хурсандман, бахтлиман - деб гапини бошлади М.Ҳамдамова.- Менинг ҳам камтарона меҳнатимни улуғлаб, Давлатимиз раҳбари мукофотладилар. Тантанали йиғилишдаги. Президентимизнинг сўзларини тингладим. Маърузада Юртбошимиз " Агар сиз фарзандингизга данғиллама уй қуриб берсангиз — вақти-соати келиб, у эскириши мумкин. Агар энг зўр машина олиб берсангиз — уям тез орада эскириши мумкин. Агар унга моддий бойлик, пул қолдирсангиз — уям бир кун сарф бўлиб тугаши мумкин. Аммо дунёда ҳеч қачон эскирмайдиган, йўқолмайдиган бебаҳо бир бойлик борки, у ҳам бўлса, фарзандингизга берган билим ва ҳунардир. Лекин билим ва маърифатни қаердан, нимадан олиш мумкин? Аввало, китоб деган хазинадан"-деган сўзлари ҳаммани янада сергак қилди. Ҳақиқатдан ҳам ҳунар  қиз боланинг кўрки ҳисобланади. Ман ўз фаолиятимда қизларни ҳунарли бўлишига янада астойидил меҳнат қиламан. Шогирдлар сонин кўпайишига ҳаракат қиламан.

            "Ҳунарманд" уюшмасининг барча аъзолари номидан иккала аёлимизни қутлаймиз. Кейинги фаолиятларига омад тилаймиз.

 

Уюшма Ахборот хизмати