"Умрбоқий заргарлик" номли кўргазма

    Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейида 31 январь -"Халқаро заргарлик куни" га бағишлаб 2019 йилнинг 2-8 февраль кунлари  музей заргарлик коллекциясининг энг ноёб асарлари ўрин олган "Умрбоқий заргарлик" номли кўргазма ҳамда илмий амалий семинар ташкил этилди.

    Ушбу кўргазмани ташкил этишдан мақсад 31 январь -"Халқаро заргарлар куни"ни кенг нишонлаш, ўзбек халқ заргарлик санъатининг кўп асрлик нодир асарларидан намуналар намойиш этиш орқали аҳолида эстетик дид ва маданиятни янада юксалтириш ҳамда юртимиз ҳудудларида заргарлик санъати тарихини кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этишдан иборат.

    Тадбир доирасида "Ҳунарманд" уюшмаси аъзоси  ҳунарманд заргар Алзар Бобоев илмий маъруза билан қатнашди ҳамда шогирдлари (Жамшид Бобоев, Санжарбек Абдуназаров, Жўрабек Абдиқодиров билан) биргаликда ташриф буюрган томошабинларга маҳорат дарслари намойиш этишди.

    Ўзбек заргарлиги жуда қидимий тарихга эга. Археологик топилмалардан маълумки, заргарлик санъати жуда қадимий ҳунар бўлган. Эрамизгача бўлган I асрдан бошлаб эрамизни V асргача қадимий қалъаларнинг чиройли ҳайкаллар, девор безаклари орқали заргарлик санъатини ривожланганлигини кўриш мумкин.

           

    Шарқ мамлакатларида заргарлик буюмлари қадимдан энг харидоргир буюмлар сирасидан жой олган. Эндигина эсини таниган қизалоққа ҳам билагузук ва сирға тақиш расм бўлган. Чақалоқнинг бош ва енгил кийимларига кумуш гардишли рангли тошлар, жонивор ва қушларнинг тиш ва тирноқлари, кўзмуноқлар тақиб қўйилган. Бу буюмлар бир томондан инс-жинслардан сақласа, иккинчи томондан у зеб бериб турган.

    Тақинчоқлар кишилар ёшидаги фарқни ва оилавий аҳволни белгилашда хизмат қилиб, уларнинг насл-насабидан нишона бериб турувчи хусусиятга эга бўлган.

    Заргарларнинг юрак қўри билан яратилган мукаммал асар  у ёки бу даврда яшаган хақларнинг бадиий нафосат ҳақидаги тушунчаларни белгилаб берган. Шу ўринда айтиш керакки, мазкур санъат орқали, биз одамларнинг моддий  қолаверса нафосат олами, ҳам илоҳий қудрат ҳақидаги тасаввурларининг бир-бири билан узвий равишда чирмашиб  кетганини кўрамиз.

    Кўргазма экспозициясида музей фондида сақлааётган XIX-XX асрларга тегишли бўлган Тошкент, Фарғона, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг заргарлик коллекциялари ўрин олган.

            Уюшма Ахборот хизмати