Заргарлик

Заргарлик – бадиий ҳунармандлик соҳаси; олтин, кумуш, мис, қалай каби рангли металлардан зеб-зийнат буюмлари (тақинчоқлар), безак буюмлари ясаш касби. Заргарлар безак буюмлари тайёрлашда қуйиш, болғалаб (зарб бериб) ясаш, ҳаллаш (олтин ва кумуш суви юритиш), ўйиб ёки бўрттириб нақш ясаш, босма, зиғирак, совоткори, қолипаки, шабака каби усуллардан кенг фойдаланади. Қимматбаҳо тошлар (гавҳар, феруза, дур, ҳақиқ ва бошқалар)га ишлов бериб, Заргарлик буюмлари (баргак, бибишак, билагузук, бозубанд, бозгардон, булоқи, бўйинтумор, гажак, дуотузи, жевак, жиға, заркокил, зебигардон, зулф, исирға, кокил, ойболдоқ, осматузи, санчоқ, тавқ, тилла баргак, тилла тузи, тиллақош, узук, шокила, қашқарболдоқ, ҳалқа каби) яратилган.

Археологик топилмалар Заргарлик қадимдан мавжудлигини кўрсатади. қадимий Миср, Юнонистон, Эрон, Хитой заргарлари Заргарлик буюмлари тайёрлашда маржон, нефрит, каҳрабо ва бошқалардан кенг фойдаланган. Европада, айниқса, роман ва готика даврида (12–15-асрлар) Заргарлик санъати юксак поғонага кўтарилган, Заргарликнинг янги усул ва услублари вужудга келган. Ўзбекистон Республикасининг кўпгина музейларида сақланаётган топилмалар республика ҳудудида (Юнон-Бақтрия подшолиги, мил. ав. 3–2-аср; қадимий Хоразм, асосан, мил. ав. 1-минг йиллик ўрталаридан мил. 8-асргача) Заргарлик ривож топганини кўрсатади. Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Хива, Қўқон, Шаҳрисабз ва бошқалар шаҳарларда Заргарлик ривожланган. 19-аср охири 20-аср бошида ўзига хос ишланиши, шакли, безаклари, хусусиятлари билан бир-биридан фарқ қилган хилма-хил Заргарлик буюмлари кенг тарқалган, зийнат буюмлари тўпламлари вужудга келган. Асрлар оша авлоддан-авлодга ўтиб келаётган Заргарлик санъати 20-аср бошларида инқирозга юз тутди, халқ усталарининг сони қисқара бошлади. Усталарга қимматбаҳо хомашёлардан фойдаланишга йўл қўйилмади. Заргарлик фкаларида ижод қилган уста-заргарлар иш жараёнида аста-секинлик билан мавжуд анъаналардан йироқлаша бордилар. Натижада улар томонидан ишлаб чиқарилган буюмларнинг шакли-шамойили ўзгариб, «эклектик» манзарани юзага келтирди ва баъзи анъаналарнинг буткул йўқолишига олиб келди.

Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг Заргарлик. санъати жонланди. Қимматбаҳо металл материаллардан фойдаланишга имкон яратилди.

Ижод қилаётган усталар, асосан, 2 йўналишда: маҳаллий Заргарлик (унутилиб бораётган анъаналарни қайта тиклаш) ва анъанавий замонавий услубда Заргарлик буюмлари яратиш устида ижод қилмоқдалар. Анъанавий Заргарлик буюмлари – туморлар, исирғалардан "уч кўзача", "ой болдоқ", "ер бидор", "қашқарболдоқ" ва бошқалар яратилди. Усталардан Дадамуҳамедовлар сулоласи, Г. Йўлдошева, Р. Мухаметшин, М. Нозирхонов, шаҳар Низомов, И. Олимов, Г. Тошева ва бошқалар Заргарлик анъаналарини ўрганиш, ривожлантириш ва янги йўналишларни кашф этиш борасида қатор ишларни амалга оширдилар. Бухоро, Хоразм, Сурхондарё ва бошқалар Заргарлик мактабларининг айрим чизгилари бир-бирига уйғунлаштирилиб, янги замонавий Заргарлик буюмлари яратилмоқда. А. Улумбекованинг "Аёл" (1998), "Африка" (1999), "Балиқча" (1999); Э. Гостевнинг "Парвоз" (1998) асарлари, Р. Мухаметшиннинг "Тоғ ирмоғи" (2001) ва бошқалар ижодий намуналари ўзининг безакдорлиги, тасвирининг нозиклиги ҳамда халқ санъатининг мумтоз намуналари асосида яратилиши билан фарқланади.

Ҳозирги кунда уста-заргарлар билан бир қаторда, бир неча бирлашмалар – "Фонон" ва "Кумуш" бирлашмаси, "Hyp" давлат Заргарлик маркази, "Мусаввир", "Устазода" каби марказлар ҳам ички бозорни Заргарлик буюмлари билан тўлдирмоқда;

 

* «Ўзбекистон жавоҳирлари» китобидан