Хоразмда “Хоразм дурдоналари” деб номланган халқ амалий санъати ва миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазма-савдоси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси ташаббуси билан 2018 йилнинг 28 ноябрь куни Урганч тумани Туркманлар маҳалласида жойлашган “Улли-ҳовли” мажмуасида “Хоразм дурдоналари” мавзусида халқ амалий санъати ва миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазма-савдоси ўтказилди.

Кўргазма савдодан кўзланган мақсад Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги "Ҳунармандчиликни янада ривожлан­ти­риш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қув­­ватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ–5242-сонли Фар­монининг қабул қилинганига бир йил тўлгани муносабати билан Хоразмда халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъатини намойиш этиш, ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳунармандчилик маҳсулотларини ички ва ташқи бозорларда сотишларига кўмаклашишдан иборат.

Кўргазма-савдонинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, хорижий мамлакатлар ва юртимизнинг турли ҳудудларидан келган меҳмонлар иштирок этди. 

Тадбир Хоразм халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъатини намойиш этиш, ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳунармандчилик маҳсулотларини ички ва ташқи бозорда сотишга кўмаклашишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. 

– Ўзбекистон дунёда халқ амалий санъати ва ҳунармандчиликнинг энг қадимий турлари, анъаналари, ўзига хос услуб ва мактаблари сақланиб қолган кам сонли мамлакатлардан бири сифатида алоҳида ўринга эга, – дейди Республика “Ҳунарманд” уюшмаси раиси У.Абдуллаев. – Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳунармандларнинг эркин фаолият юритиши учун кенг имтиёзлар берилди. Уюшма томонидан ҳунармандчилик маҳсулотларини хорижга экспорт қилиш ва ҳунармандлар фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида жорий йилда Германия, Швейцария, Россия, Италия, Жанубий Корея, Малайзия, Озарбайжон, Латвия, Финляндия, Ҳиндистон, Франция, Греция, Туркманистон, Эрон, АҚШ, Украина, Туркия, Хитой каби давлатларда кўргазма ва ярмаркалар ўтказиш режалаштирилган. Бугунги кунгача 10 дан ортиқ давлатда ўтказилган халқаро кўргазмаларда 50 дан зиёд ҳунарманд иштирок этди. 

–  Ҳунармандларга берилаётган имтиёзлар мен сингари ҳунармандларга фаолиятимизни кенгайтириш ва шогирдларимизни кўпайтириб юртимиз иқтисодиётига ўз улушимизни қўшишга катта имкониятлар яратмоқда.  Ҳар йили юртимизда ва турли мамлакатларда ўтказиладиган халқаро кўргазмаларда иштирок этиб келамиз. – дейди Хонқа туманидаги “Мадир” кулолчилик мактаби ҳунарманди Одилбек Матчонов. –Имтиёз ва қулайликлардан фойдаланиб, фаолиятимизни янада кенгайтирмоқдамиз. Кулолчиликнинг энг қийин йўналиши бўлган кошинчилик йўналишида ҳам маҳсулот чиқарилмоқда. Минг йиллик анъаналар асосида ишлаб чиқарилаётган кошинлар Урганч шаҳри ва бошқа вилоятлардаги иншоотларда ташқи ва ички безак сифатида кенг ишлатилмоқда. 

“Хоразм дурдоналари” кўргазма-савдоси доирасида 50 дан ортиқ ҳунарманд ва амалий санъат усталарининг маҳсулотлари кўргазмаси намойиш этилди. Моҳир уста-ҳунармандлар томонидан ҳунармандчилик ва амалий санъатнинг барча йўналишлари бўйича маҳорат сабоқлари ўтказилди. 

 

Уюшма Ахборот хизмати