Қашқадарё вилояти Ғузор тумани Чақар қишлоғидаги 17-умумий ўрта таълим мактабида уста ҳунарманд Раупов Шарифжон маҳорат дарси ўтказилди

Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши ўртасида уч томонлама келишув имзоланди.

Келишувга асосан, ҳудудларда фаолият юритаётган ёш (уста) ҳунармандларнинг устахоналарида, уларга яқин жойлашган касб-ҳунар коллежи ва мактабларда таҳсил олаётган (16+) ўқувчиларни жалб этган ҳолда маҳорат дарслари, мактаб биноларида бўш ва ишлатилмаётган хоналардан оқилона фойдаланиш мақсадида, “Уста-шогирд” мактаби анъаналарига таянган ҳолда ёшларни шогирдликка бириктириб, ёшлар орасида ҳунармандчиликни тарғиб қилиш (мастер-класс, кластер), узоқ йиллар давомида ҳунармандчилик фаолиятини олиб борган фахрий ҳунармандлар билан давра суҳбатларини ўтказиш кўзда тутилган.

Ушбу келишувга асосида жорий йилнинг 20 майда Ғузор туманининг Чақар қишлоғидаги 17-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари ҳамда ёш ва иқтидорли ҳунарманд, миллий заргарлик устаси  Раупов Шарифжон Байрамали ўғли иштирокида маҳорат дарси бўлиб ўтди.

“Ҳунарманд” уюшмасининг Қашкадарё вилояти бошқармаси аъзоси қимматбаҳо металлдан ясалган заргарлик буюмлари йўналишида фаолият олиб бораётган уста ҳунарманд Раупов Шарифжон маҳорат дарси давомида  ўқувчиларга ўз ҳунарини амалий ва назарий билимларига асосланиб, қизиқарли тарзда ўтиб берди. Хусусан, заргарлик санъати ўзида тарих, география, математика, рассомчилик каби фанлардан билимларни қамраб олган қадимий ҳунар турларидан ҳисобланади.

            - Раупов Шарифжон ёшларга заргарлик ҳақидаги маълумотларни тақдим қилди. Шулар билан бир қаторда заргарликка оид ўқув қўлланмалар, заргарлик буюмлари акс эттирилган кўргазмали фотоальбом китоблар, заргарлик буюмлари, ўқув асбоб-анжомлари орқали ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини янада оширишга муваффақ бўлди, дейди  "Ҳунарманд” уюшмасининг Қашкадарё вилояти бошқармаси мутахассиси Г.Ҳазратова.

Раупов Шарифжоннинг маҳорат дарсини тинглаган ёшларда  бу ҳунарга қизиқиши ортди ва дарс давомида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Заргарликнинг бошланғич босқичларини уста билан биргаликда амалда ўз қўллари билан ясаб синаб кўришди.

Маҳорат дарси сўнггида Шарифжон  миллий заргарликга қизиқиши бўлган ўқувчи ёшларни ўз устахонасига таклиф этди. Мактаб маъмурияти бу таклифни бажонидил қабул қилди ва албатта ўқувчилар билан биргаликда устахонага ташриф буюришларини билдиришди.

 

 

Уюшма Ахборот хизмати